Ботир Зарипов янги йилнинг дастлабки ҳафтасини тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганишдан бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида мамлакатнинг айни иқтисодий-ижтимоий ҳаёти, якунига етган мураккаб пандемия даври ҳукм сурган йилда қийинчилик билан эришилган ютуқлар, йўл қўйилган какмчиликлар билан бирга янги йилда халқ хўжалигининг барча соҳаларида амалга оширилиши зарур ва кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар хусусида фикр юритилгани ҳар биримизни шу юртда кечаётган ўзгаришлар, янгиланиш ва бунёдкорликларга дахлдор бўлиш ҳиссини кучайтиради, албатта. Таъкидланганидек, халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз. Жумладан, бу йил республикамизда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма объекти барпо этилди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг 84 та шаҳар ва туманида саноат салоҳиятини янада ошириш мақсадида 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий класстер ва логистика марказлари ташкил этишга киришилмоқда. Жорий йилда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини зарур инфратузилма билан таъминлаш мақсадига 1,6 триллион сўм йўналтирилади. Янги йилда корхоналарга хом ашё сотиб олиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари ажратилмоқда. Маҳсулотини экспорт қилувчиларга чет элда савдо уйлари ва дўконлар очиш ҳамда реклама харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Бугун, 4 январь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов бошчилигидаги ҳудуд секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, коммуникация-муҳандислик тармоқлари, тегишли ташкилот ва корхоналар раҳбарлари Бухоро шаҳри Саноатчилар кўчасида жойлашган саноат ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишишди ва уларнинг муаммолари ўрганилди.

Ўзига хос саноат инфратузилмаси шакллантирилган ва юзлаб фуқароларнинг бандлиги таъминланган ҳудудда айни кунда “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида енгил саноат ва тўқимачилик ишлаб чиқариш корхонаси, шунингдек, гиламдўзлик, қурилишбоп материаллар, темир-бетон, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, ҳар турли мих,  қуруқ аралашмалар ишлаб чиқарувчи, ҳозирда Туркия, Россия Федерацияси, Хитой, Эрон, қолаверса, қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликда ишлаётган субъектлар, ўзининг мустаҳкам иқтисодий салоҳиятига эга қўшма корхоналар бор. Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “BAHОR CHANG TEKSTILE”, “Узпромьтекстил”, “Zamon teks”, “KAMALAK SHABNAM TEKS”, “BAXMAL GROUP”, “City Building Group”, “Саноат гилам”, “Afsona gilam”, “Темиров текстиль”, шунингдек, “Узбурнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Техник таъминлаш ва бутлаш” каби корхоналар шулар жумласидан бўлиб, уларда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигининг ҳозирги аҳволи, дуч келинаётган муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилди.

Масалан, “Техник таъминлаш ва бутлаш” МЧЖни олсак, бу ерда бир кеча-кундузда фаолияти йўлга қўйилган икки сменадаги иш жараёнида 200 метр-куб ҳажмдаги цемент маҳсулоти қайта ишланаётган бўлиб, қурилиш объектлари учун темир-бетон маҳсулотлари, брусчатка ва пардозбоп ғишт, яна ойига 150 тоннадан кўпроқ елим идиш-баклажка чиқиндиси прессланиб, қадоқланмоқда. Аммо тайёрланаётган маҳсулот, иш ҳажмига қараб корхонада мавжуд имкониятларнинг атиги 40 фоизидангина фойдаланилаётгани қўшимча чора-тадбирларни кўришни тақозо этади. Шу боисдан субъект мутасаддиларига омилкорлик билан иш кўриб, хом ашё таъминоти ва маҳсулот сифати, таннархи ва айирбошлашда барқарорликка эришиш, бунда тегишли банк билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш ва пировардида қўшимча иш ўринларини яратиш талаби қўйилди.

Фаолиятини бошлаганига икки йил тўлаётган “Zamon teks” МЧЖ эса давлат эътибори ва ғамхўрлиги остида “ноль” харид қийматда берилган иншоотда фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, лойиҳа қиймати 8 миллиард сўмга молиялаштирилган. Шундан 6 миллиард сўми тегишли банк қўллаб-қувватлаши, қолган 2 миллиард сўми эса тадбиркорлик субъектининг ўз маблағи.

Йиллик бюджет тушуми 250 миллион сўмни ташкил қилаётган корхонада бир кунда 16 минг квадрат метр ип-калавадан ярим тайёр мато ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда 120 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилаётган корхонада алоҳида тикув цехи ташкил қилиниб, 40 га яқин “JACK” русумли замонавий тикув машинкаси билан жиҳозланган. Бугун бу ерда харидорбоп хўжалик қўл сумкалари, хотин-қизлар кийим-кечаги билан бирга меҳнат жамоалари учун махсус кийим буюртма асосида тикиб, тайёрлаб берилмоқда.

Якунда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов фаолиятига назар ташланган ҳар бир корхона, умуман, Саноатчилар кўчасидаги ҳар бир ишлаб чиқариш субъектида дуч келинаётган камчилик ва муаммоларни тизимли равишда пухта ўрганиш юзасидан алоҳида фармойиш тайёрлаш, келгусида ана шу услубда самарали чора-тадбирларни кўриш, муҳими, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини ҳудудда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳисобидан бандлигини таъминлаш ва оилаларни даромадли қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Ўрганишда иштирок этган мутасаддиларга қатор вазифалар берилди.