Вилоят ҳокимлигида: Ирригация ва мелиорация ишларининг бориши ўрганилди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов вилоятда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар билан танишди.

Мураккаб иқлим шароити, тупроқ балл бонитетитининг пастлиги, шўрланиш даражасининг юқорилигига қарамасдан, вилоятда кейинги йилларда экин ерларини текислаш, шудгор қилиш, шўр ювиш, ишларининг меъёри ва сифати сезиларли даражада яхшиланди. Ирригация ва мелиорация тадбирларининг самарадорлиги ошди. Жумладан, ўртача ва кучли даражада шўрланган майдонларнинг умумий суғориладиган майдонга нисбатан улуши 2018 йилда 24,1 фоиз ёки 66,1 минг гектар, 2019 йилда 23,6 фоиз ёки 65 минг гектар, 2020 йилда эса 23,2 фоизга ёки 63,8 минг гектарни ташкил этди.

Биргина жорий йилда вилоятдаги ялпи суғориладиган экин ерлари учун умумий миқдори 4232,4 миллион куб метр ҳажмдаги “оби ҳаёт” ўзлаштирилган бўлса, бунда вилоятнинг асосий сув манбаси ҳисобланган Амударёдан насос станциялари орқали шу йили 3636,2 миллион куб метр, шунингдек, Зарафшон дарёсидан 458,8 миллион куб метр, ерости қудуқлари орқали 58,9 миллион куб метр, коллекторлар орқали эса 78,5 куб метр ҳажмдаги сув олинган. Бунда “Аму-Бухоро” I ва II насос станциялари, шу қаторда “Жондор-I” кўтарма насос станцияси, “Қуйимозор”, “Жайхун”, “Қоровулбозор”, “Пойкент”, “Хархур”, “Сайёд” каби жами 36 та насос станцияси ва улардаги 721 та насос агрегати кучидан унумли фойдаланилмоқда.  

Экин ерларини суғориш жараёни бир қадар мураккаб ва жуда катта куч, техника ва механизмлар сафарбар қилингани ҳолда амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Биргина “ПК-28+00” Бош тўғон сув олиш гидроиншоотини олсак, Амударёдан сувнинг мавсумий ўзгаришига қараб биринчи ва иккиинчи сунъий ўзанлар орқали олинади. Бу ўзанларнинг узунлиги 22 километрдан иборат. Сунъий ўзанлар мавсумий равишда Амударё сув сатхининг ўзгаришига караб очиб ёпилади. Ўзанларни доимий равишда Олот АБМК ҳисобидаги воситаларида доимий лойқадан тозаланиб борилади. Мазкур Бош тўғон гидроиншооти ҳозирда БВО Амударё Ўртадарё бошқармаси “Аму-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан эксплуатация қилинмоқда.

Вилоятда бевосита ирригация ва мелиорация тизимида фаолият юритаётган бошқарма ҳамда ташкилотлар мутасаддилари қатнашган ва улар ахбороти эшитилган муҳокамада дуч келинаётган муаммолар ўртага ташланди. Хусусан, аксарияти ўтган аср олтмишинчи, етмишинчи йилларида ишга туширилган қатор насос станциялари ва гидроузелларни модернизациялаш ва қайта таъмирлаш тақозо этилмоқда. “Бешариқ”, “Сайёд”, “Хаткаф”, “Пойкент”,
“А.Навоий” насос станциялари таъмирталаб аҳволда.

Ҳукуматимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган қарор ҳамда ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, жорий йилда вилоят мелиорация ва ирригация тармоғида бажарилган таъмирлаш ва янгиланишлар учун 24 та лойиҳага мувофиқ қиймати 60,6 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. Мелиорация тармоғини модернизациялаш мақсадида ишлаб чиқилган 16 та лойиҳага 102,8 миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни пайтда “Ёмонжар” каналининг 9 километрга яқин қисми тўлиқ бетон қилинган бўлса,  Марказий коллекторнинг Ромитан ҳамда Жондор туманлари марказини бирлаштирган 35 километр қисми капитал таъмирдан чиқарилмоқда. Қолаверса, “Ўнг қирғоқ” коллектор тизимида катта кўламдаги таъмир ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан, соҳа мутасаддилари ўрганишларига кўра, вилоятда умумий коллекторнинг 1,7 километр қисми реконструкцияга муҳтож. Туманлараро ўтган каналлар ўзанларини бетонлаштириш, ҳудудлардаги насос станциялари ва сув тақсимлаш иншоотлари, дренаж қудуқларини таъмирлаш керак.

Муҳокамада вилоят раҳбари томонидан мутасаддиларга фаолиятни янада яхшилаш, бу борада конструктив таклифларни ишлаб чиқиш тавсия қилинди. Таъкидланганидек, соҳани модернизациялаш орқали келгуси йилда ҳудудда томчилатиб суғориладиган экин ери салмоғини 13 минг гектарга етказиш, соҳа моддий-техник базасини иш унумдорлиги юқори бўлган хориж технологияси, чунончи эксковаторлар билан тўлдириш, нафақат, туманлар ҳамда чекка массивлар, балки вилоят марказининг ирригация ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш, зах сувларни қочириш ва шаҳарни обод ва кўкаламзор масканга айлантириш талаби қўйилди.

Айни кунда фермер хўжаликлари томонидан парвариши бошланган ғалла майдонларини агротехник қоида ва меъёрлар асосида “оби ҳаёт”га қондириш, ундан кейин вилоятда шўр ювиш тадбирларини намунали ташкил этиш билан боғлиқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.