Белгиланган тартибларни билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан озод этмайди

Мамлакатимизда учувчисиз учиш аппарати (дрон)дан фойдаланиш бўйича маълум тартиблар белгиланган. Ундан ноқонуний фойдаланган шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.

Ўзининг 24 ёшини қаршилаётган Андижон туманида яшовчи Л.А. учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланиш борасидаги тартибларни билса-да, яширинча ишлатиб пул ишлаб олишни мақсад қилган эди.

Бу йигит 50 доллар эвазига Андижон шаҳри, Ғайрат маҳалласи ҳудудидаги “Регистон” сайилгоҳи манзарасини клипда фойдаланиш учун суратга олаётганида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Андижон вилояти ИИБ ТХТБ ва давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда унинг ноқонуний ишига чек қўйилди. Ундан Хитойда ишлаб чикарилган “Dji Phanton 4 Pro” русумли учувчисиз учиш аппарати холислар гувоҳлигида ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Л.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2444-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва у айбдор, деб топилди. Мазкур иш юзасидан бўлиб ўтган суд қарорига кўра, унга уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазога Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилган ҳолда шартлига алмаштирилиб, унга бир йил синов муддати белгиланди.

Далилий ашё сифатида олиб қўйилган қиймати 9 миллион 568 минг 731 сўм бўлган “Dji Phanton 4 Pro” русумли қурилмани махсус рухсатномага эга бўлган ташкилотга сотиш орқали давлат фойдасига ундириш белгиланди.

Юртимизда қонун барча учун баробар. Қонун ва белгиланган тартибларни билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан озод этмайди. Шундай экан, ҳар бир фуқаро қонунлар доирасида иш юритиши керак.