Бухорода 85 та ҳолатда давлат харидларини амалга оширишда қонунбузарликка йўл қўйилган

Монополияга қарши ишларни тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиш ва муаммоларини ечишга доир ҳамкорликдаги чора-тадбирларни кўриш, соҳани тартибга солувчи қонун ва меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Ўзбекистон республикаси Монополияга қарши курашиш Қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил қилинди. Коммуникация ва муҳандислик тармоқлари, шунингдек, таъминот корхоналари мутасаддилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва истеъмолчилар вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳудудий бошқармасининг бошлиғи Ўткир Ҳамроев шу йил ўтган даврида амалга ошрилган фаолият юзасидан батафсил ахборот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2019 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари асосида ўз фаолиятини ташкил этган бошқарманинг асосий мақсади ҳамда вазифалари, эришилаётган муваффақиятлар, қилиниши зарур бўлган ишлар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Таъкидланганидек, жорий йил 1 октябрь ҳолатида 40 та танлов (тендер) савдоларида иштирок этиб, жами 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ иқтисод қилинишига эришилган бўлса, давлат харидлари тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ 19 та субъект томонидан 12 миллиард сўмдан ортиқ жами 85 та давлат харидларини амалга оширишда буюртмачи ва харид комиссияси томонидан қонунбузарликка йўл қўйилганлиги аниқланган. Биржа савдолари асосида вилоятдаги 7 та хўжалик юритувчи субъект томонидан 18 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар (пахта ёғи, пахта шроти, шелухаси, автобензин, дизел ёнилғиси, ва бошқалар)ни биржа савдолари орқали сотилиши устидан назорат ўрнатилиб, доимий мониторинги юритилмоқда.

Карантин тадбирлари ва чекловлар ўрнатилган ўтган ярим йил мобайнида доимий равишда вилоятдаги савдо мажмуалари, супермаркет, деҳқон бозорларида аҳоли саломатлиги учун зарур бўлган маҳсулотлар, асосий истеъмол товарларининг 40 га яқин тури — ун, қолипли нон, пахта ёғи, шакар, тухум, гуруч, макарон, мол гўшти, товуқ гушти, картошка, сабзи, пиёз маҳсулотларининг ўртача нархларни сунъий оширмаслик бўйича мониторинглар ўтказилиб, тегишли таклифлар мутасадди идораларга тақдим этиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирда вилоятда 7 та табиий монополия субъекти, корхона ва ташкилот бўлиб, улардан 5 тасида хизмат тури, аниқроғи, электр энергиясини транспортировка қилиш, иссиқлик энергияси, сув қувурлари орқали ичимлик суви етказиб бериш, канализация хизмати, аэропорт хизматлари бўйича белгиланган тарифларнинг қўлланилиши доимий ўрганишда. Шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт хизмати кўрсатиш, савдо, умумий овқатланиш, туризм, ижтимоий ва молиявий хизматлар, алоқа хизматлари кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор оширилмоқда.

Ўрганишлар давомида табиий монопол ва монопол корхоналар томонидан истеъмолчи сифатида 8 та жисмоний ва юридик шахсдан ундирилган жами 83,4 миллион сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди. Чунончи, “Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ томонидан биржа савдолари орқали сотилган нефт маҳсулотларини юклаб жўнатиш харажатларини асоссиз равишда ошириб кўрсатиш орқали жорий йил май ойи учун республиканинг 15 та “Нефтбаза” МЧЖ ларига жами 11,8 миллиард сўм тўланмай келинаётган маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди ва ортиқча маблағ эгаларига қайтарилди. Шу қаторда “Бухоро Нефтбазаси” МЧЖ томонидан нефт маҳсулотларини юклаб жўнатиш бўйича асоссиз ундирилган 62,1 миллион сўм тўлов ҳам харидорларга ўзаро қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Матбуот анжуманида республика Монополияга қарши курашиш Қўмитаси ахборот хизмати раҳбари, раис ўринбосари Манзура Ҳасанова ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларининг вилоятдаги ижроси, бу соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар ва улар ечими хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Тадбирда йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.