Бугунга қадар тизимда аниқ стратегия йўқ эди» — кадастр соҳаси мутахассиси билан суҳбат

<?= «Бугунга қадар тизимда аниқ стратегия йўқ эди» — кадастр соҳаси мутахассиси билан суҳбат ?>

Ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, кадастр соҳаси муаммолари, Президентнинг янги фармони соҳани қандай ривожлантиради, кадастр соҳасида коррупцияни йўқотишнинг имкони борми, бунинг учун нималар қилиш керак, инновацион технологиялар қай даражада жалб этилмоқда, кадастр паспорти ўзи нима ва унинг афзаллиги нимада? Шу каби саволлар билан Кадастр агентлиги давлат кадастр бошқармаси Бош мутахассиси Қобил Бабажановга юзландик:

— Жорий йилнинг 7 сентябрдаги Президентнинг “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосан Кадастр агентлиги ташкил этилди. Агентлик олдига соҳани ислоҳ қилишга доир қандай долзарб вазифалар қўйилди?

— Барча жабҳаларда кечаётган янгиланишлар кадастр соҳасини ҳам четлаб ўтолмайди. Президентнинг фармонга мувофиқ Кадастр агентлигига асосан уч йўналишда вазифалар белгилаб берилди. Булар:

Биринчидан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича. Бунда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш каби вазифалар киради.

Иккинчидан, геодезия ва картография бўйича. Бу йўналишда эса Ўзбекистонда геодезия ва картография соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картографияга оид изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда картографик мониторингни амалга ошириш, давлат картография-геодезия кадастрини юритиш, давлат геодезия назоратини амалга ошириш каби ишлар янгиланмоқда.

Учинчидан, давлат кадастрларини юритиш бўйича. Давлат кадастрларини юритишда ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳатни қайд этиш керак. Яъни эндиликда аҳоли ер участкаларига бўлган ҳуқуқларининг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу эса аниқ маълумот ва статистика юритиш учун жуда ҳам зарур механизмдир.

— Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида кадастр ходимлари томонидан коррупцион ҳолатларнинг содир этилаётгани тез-тез эълон қилинмоқда. Агентлик томонидан таниш-билишчилик ва порахўрликни олдини олиш учун қандай амалий ишлар қилинмоқда?

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 2020 йил 4 сентябрдаги Агентлик тизимида яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”сига мувофиқ “Комплаенс-назорат” хизмати ташкил қилинди ва ходимлар томонидан коррупцион харакатларни амалга ошириш учун сабабчи бўлаётган шароитларни бартараф этиш мақсадида бир қатор ички меъёрий хужжатлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимлари — фойдаланиш бўйича халқаро талаблар ва тавсиялар” халқаро стандарти талаблари ва тавсияларини инобатга олган ҳолда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсати хамда унинг худудий бошқармалари, ташкилотлари фаолиятида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, олдини олиш ва тартибга солиш юзасидан тартиблар ишлаб чиқилди.

Хабарингиз бор, тизимдаги малакали ходимларни танлаб олиш бўйича ички аттестациция ўтказилмоқда. Бндан ташқари, танлаб олинган ходимлар билан коррупцияга қарши курашиш бўйича хуқуқий норматив хужжатларни ўзлаштириши юзасидан ўқув-амалий машғулотларни ташкиллаштириш, коррупцион холатларни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказиш режалашитирилган. Шу билан бирга, қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жавобгарлик масалаларини кучайтириш, тизимдаги коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқишида инсон омилини камайтириш учун инновацион технологиялар имкониятларидан фойдаланиш орқали шаффофликка эришиш кўзда тутилган.

— Ўтган давр мобайнида кадастр соҳасида нечта коррупцион ҳолатлар аниқланди, қанча ходим жавобгарликка тортилди? Сизнингча, соҳада айнан қайси омиллар коррупцион ҳолатларни келтириб чиқармоқда?

— 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида кадастр ходимлари билан боғлиқ 21 та коррупцион ҳолатлар аниқланган. Тизимда малакали кадрларнинг етишмаслиги, кадрларни жалб қилиш учун маблағнинг етарли эмаслиги, мавжуд маблағлардан самарали фойдаланишнинг йўлга қўйилмаганлиги, таниш-билишчилик, маҳаллийчиликнинг авж олгани коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар сифатида айтишимиз мумкин.

Қолаверса, юқорида келтирилган ҳолатлар оқибатида соҳани ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ва аниқ стратегиянинг йўқлигига олиб келган.

Бизнингча, соҳада коррупцияни йўқотиш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш зарур:

Етук кадрларни жалб қилиш, муносиб иш ҳақи билан таъминлаш. Бу тизимдаги кадрлар қўнимсизлигини олдини олади;

Лавозимга тайинлашда шаффофликни таъминлаш. Бунда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик каби омилларни бартараф этиш, танловни очиқ-ойдин амалга ошириш лозим.

Ниҳоят, соҳага йўналтирилаётган маблағларни тўғри сарфланишини назорат қилиш. Юқоридаги таклифларнинг барчаси мавжуд муаммоларни бартараф этибгина қолмай, кадастр соҳасининг сезилари ривож топишига ҳисса қўшади.

— Сир эмас, бино-иншоотлар учун кадастр жилдини тайёрлаш жараёнлари жуда мураккаб. Ҳужжатбозликни камайтириш учун нималар қилинмоқда?

— Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” 535-сон қарори билан кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. Ушбу маъмурий регламентга мувофиқ, ҳужжат тайёрлаш ишлари муддатлари, фуқародан қандай ҳужжат талаб қилиниши белгиланган. Шунингдек, кадастр хужжат тайёрланиш жараёни мураккаблиги Кадастр агентлигининг ички тартибида амалга оширилиб, бу жараён фуқаронинг ҳуқуқ манфатига таъсир килмайди.

— Аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан ерларни ўзлаштириб олиш ва ноқонуний равишда уй-жой қуриш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Бу эса давлат идоралари ва халқ ўртасида тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

— Президентнинг 2020 йил 7 сентябрдаги ПФ-6061-сон Фармонига мувофиқ  Кадастр агентлиги ташкил этилишгача Давергеодезкадастр қўмитаси томонидан ер муносабатларини тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларини режа асосида тўғри экилишини, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва чоралар кўриш борасида доимий равишда мониторинг ишларини давлат ер назоратчилари томонидан олиб борилар эди.

Бугунги кунда Фармон билан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш ҳамда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини содир этганларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати юклатилди.

— 2020 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларга кадастр паспортлари янгича кўринишда берила бошланди. Бунинг қандай афзаллиги бор?

— Дарҳақиқат, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш юзасидан мурожаат қилинганда, ариза берувчига давлат хизматлари марказлари орқали янги намунадаги пластик кўринишдаги кадастр паспорти бериб борилмоқда.

Барча кадастр маълумотлари бир жойда ягона маълумотлар базасида сақланади. Смарт карта ичидаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади. Барча кадастр маълумотлари бир жойда, тартибли, қулай шаклда, тўлиқ равишда жой олади. Уй-жой билан боғлиқ барча кадастр ишлари доимий равишда электрон қайд этиб борилади ва электрон кадастр тарихи вужудга келади. Ахборот-коммуникация технологиялари хавфсизлиги юқори савияда ташкил қилинади. Смарт карта йўқолиб қолган ёки яроқсиз ҳолга келганда, масофадан туриб блокланади ва қисқа вақт ичида янги кадастр паспорти тақдим этилади. махсус НФС технологиясига эга микрочипли смарт карта кенг имкониятларга эга. Тез орада уй-жой билан узвий боғлиқ бўлган коммунал, солиқ, ипотека ва суғурта хизматларини смарт карта орқали ишлатишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

— Кадастр соҳасида рақамлаштирилган интеграция жараёнлари қандай қулайликлар яратиб беради?

— Бугунги кунда кадастр маълумотлари бошқа идорлари билан интеграция жараёнлари амалга оширилган Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси, Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Нотариус» ахборот тизими, «Сувоқава» ДУК, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Тошиссиқликқуввати» АЖ, «Ҳудудий газ таъминот» АЖ, Экология қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Марказий банк, Ягона интерактив давлат хизматлари, Давлат хизматлари портали билан интеграция қилинган. Бунинг асосий мақсади — фуқаролар томонидан идорама-идора саросонгарчиликни олдини олиш, маълумот алмашувини ўз ватқида таъминлаш, тезкорлик билан сифатли хизмат кўрсатишга эришилади.