Тадбиркорлар муаммоларига ечим изланди

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлар, жумладан, хорижий инвесторлар мурожаатлари билан ишлашнинг алоҳида тартибини белгилаб, мурожаатларни таҳлил қилиш ва ечим топиш имконини бермоқда. Бугун, 12 ноябрь куни ҳар ойлик тасдиқланган режа-графикка асосан вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида тадбиркорлик субъектлари мурожаатларига қулоқ тутди.

Кадастр Агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси, тижорат банклари, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари йиғилган мазкур қабулда муаммосига ечим излаб келган 60 дан ортиқ тадбиркор мурожаати ўрганилди.

Қурувчиликка ихтисослашган “АLIХАN STORY SOVEST” МЧЖ раҳбари Мақсуд Ражабов Когон шаҳрида бунёд этган турар жой биносининг ер усти ва ер ости бўлимларининг кадастр ҳужжатини алоҳида тайёрлаш учун маълумотнома олиш ҳаракатида. Шу масалада амалий ёрдам сўраб вилоят ҳокими ўринбосарига юзланди. Кадастр Агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси мутасаддиларига мурожаатни жойига бориб ўрганиш ва қонун доирасида хулоса бериш топшириғи берилди.

Бундан ташқари, Фарҳод Умаровнинг қабулига келган 60 дан ошиқ тадбиркорнинг мурожаати соҳа раҳбарлари, бевосита тегишли масъуллар иштирокида ўрганиш ва ҳал қилиш учун муддат белгиланди. Қолаверса, бизнесини бошламоқчи ёки фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ёшлар, тадбиркорлик субъектларига банк-кредит сиёсати, алоҳида ер майдони ёки нотурар жой ажратиш билан боғлиқ ўзгаришлар, солиқ сиёсатида кўзда тутилган имтиёзлар хусусида батафсил маълумот берилди.