Тадбиркорлар муаммоларига ечим изланди

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлар, жумладан, хорижий инвесторлар мурожаатлари билан ишлашнинг алоҳида тартибини белгилаб, мурожаатларни таҳлил қилиш ва ечим топиш имконини бермоқда. Бугун, 12 ноябрь куни ҳар ойлик тасдиқланган режа-графикка асосан вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида тадбиркорлик субъектлари мурожаатларига қулоқ тутди.

Тижорат банклари, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари йиғилган мазкур қабулда муаммосига ечим излаб келган 60 дан ортиқ тадбиркор мурожаати ўрганилди.

Когон шаҳрида ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида келган “CHORI ISLOM QURILISH” МЧЖ раҳбари Илҳом Чориев имтиёзли кредит олиш мақсадида “Халқ банки” Когон филиалига мурожаат қилган. Аммо банкда етарли ресурс йўқлиги айтилиб, тадбиркорнинг аризаси рад қилинган. Қабулда “Халқ банки” вилоят филиалаи томонидан тадбиркорга 30 миллион сўм кредит ажратиладиган бўлди. 

— Газоблок, шлакоблок ва пенаблок ишлаб чиқарадиган кичик цехимиз бор, – дейди Қоровулбозор туманидаги “Мирғолиб” оилавий корхонаси раҳбари Миролим Мақсудов. — Фаолиятни кенгайтириш мақсадида тумандаги бўш ётган бино-иншоотлардан бирини сўраб келдик.

Қурувчиликка ихтисослашган “АLIХАN STORY SOVEST” МЧЖ раҳбари Мақсуд Ражабов Когон шаҳрида бунёд этган турар жой биносининг ер усти ва ер ости бўлимларининг кадастр ҳужжатини алоҳида тайёрлаш учун маълумотнома олиш ҳаракатида. Шу масалада амалий ёрдам сўраб вилоят ҳокими ўринбосарига юзланди. Вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси мутасаддиларига мурожаатни жойига бориб ўрганиш ва қонун доирасида хулоса бериш топшириғи берилди.

— Пойафзал ишлаб чиқарамиз, – дейди жондорлик тадбиркор Истам Саидов. — Ўзимга тегишли “Жондор пойафзал сервис” МЧЖ фаолиятини кенгайтириш ва қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида тижорат банкидан олган кредитим муддатини узайтириш ва қўшимча яна 100 миллион сўм сармоя олишимда амалий ёрдам сўрайман.

Бу мурожаат ҳам қонунчиликка мувофиқ ўрганилиб, аввал олинган кредит муддати узайтирилди ва тадбиркорга 100 миллион сўм эмас, балки 30 миллион сўм кредит ажратиш мумкинлиги тушунтирилди. Асосан, кредит таъминоти билан боғлиқ яна ўндан ортиқ мурожаат тижорат банклари мутасаддилари томонидан шу ерда ўрганилиб, аксарияти ижобий ечимини топди.

Бундан ташқари, Фарҳод Умаровнинг қабулига келган 60 дан ошиқ тадбиркорнинг мурожаати соҳа раҳбарлари, бевосита тегишли масъуллар иштирокида ўрганиш ва ҳал қилиш учун муддат белгиланди. Қолаверса, бизнесини бошламоқчи ёки фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ёшлар, тадбиркорлик субъектларига банк-кредит сиёсати, алоҳида ер майдони ёки нотурар жой ажратиш билан боғлиқ ўзгаришлар, солиқ сиёсатида кўзда тутилган имтиёзлар хусусида батафсил маълумот берилди.