Бухородаги оммавий сайёр қабулларда 1,5 мингдан ортиқ мурожаат ўрганилди

7–9 октябрь кунлари Президент Администрацияси, қатор вазирлик ва идоралар, вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, секторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр Агентлиги раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди.

Вилоятнинг бир неча минтақасида, жумладан, Бухоро Нефть ва газ саноати коллежида, Вобкент туманидаги «Порлоқ келажак», Ромитан туманидаги «Оромитан» оромгоҳларида, шунингдек, Жондор тумани марказидаги Маҳмуд Торобий номидаги ватанпарварлар боғида бўлиб ўтган сайёр қабуллар натижасида 1 минг 500 дан ортиқ мурожаат бевосита мутасаддилар иштирокида ўрганилди.

Уларнинг 394 таси шу куннинг ўзида ижобий ечимини топган. Худди шундай, 223 та мурожаат эгасига ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатилиб, 164 нафар фуқарога тушунтириш ва мурожаатининг тегишлилигига биноан идора ва ташкилотга йўлланма берилган. Ижро учун назоратга олинган мурожаат сони эса 777 тани ташкил этмоқда.