Давергеодезкадастр қўмитаси виртуал станция ва Ерни масофадан туриб зондлаш марказлари бўйича турли вариантларни кўриб чиқмоқда — бу сафар Корея тажрибаси

Жорий йилнинг 16 июл санаси Космик суратлардан фойдаланиш, улар ёрдамида қишлоқ хўжалиги ва бошқа ер майдонларини мониторинг қилиш ҳамда космик суратларни қабул қиладиган виртуал станция ва Ерни масофадан туриб зондлаш марказлари борасида Корея тажрибасига бағишланган навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда  Корея Фан ва АКТ вазирлиги, Корея Республикасининг Корея аерокосмик тадқиқотлар институти (KARI) ва Корея сунъий йўлдошни тасвирлаш хизмати (SIIS) вакиллари иштирок этди.

Кореялик мутахассислар 2013-2017 йилларда Ўзбекистонда Миллий географик ахборот тизимини яратиш инвестиция лойиҳасида космик йўналишда амалга оширган ишларини сарҳисоб қилиб, виртуал станция ва Ерни масофадан туриб зондлаш марказлари борасида яқин ҳамкорлик билан бирга, ушбу соҳада илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, кадрларни ривожлантириш мақсадида мутахассисларни тренинг ва магистратураларда ўқитиш каби истиқболли таклифларни ҳам билдириб ўтди. Шунингдек, кореялик мутахассислар фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тезкор космик сурат олиш кейслари бўйича ҳам ўз таклифларини бериб ўтдилар.

Музокара асносида томонлар янада батафсил тажриба алмашиниш мақсадида 1 ҳафтадан сўнг Ўзбекистондаги тегишли манфаатдор вазирликлар ва Корея масъуллари билан кенгайтирилган учрашув ташкиллаштиришга, унда Кореядаги 18 та идора космик суратларни интеграцион тарзда нима мақсадда ва қандай эҳтиёжларга ишлатишини таҳлили ва Кореянинг ечимларини кўриб чиқишга келишиб олдилар. 

Маълумот учун: 9 июль куни Франциянинг Airbus корпорацияси билан айни шу мавзуда тажриба ва таклифлари ўрганиб чиқилган эди.