Прописка бўйича энг сўнгги ўзгаришлар

Ўзбекистонда ниҳоят «прописка» деб аталмиш «оёғимиздаги тушов  парчаланмоқда. Бунга шахсан президент ҳам аралашгач , жараён анча жиддийлашди ва тезлашди.

Қуйида энг муҳим янгиликларни эслаб ўтамиз.

✅ Фуқароларни прописка қилишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқариш тартиби бекор қилинмоқда.

✅ Пропискани расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинмоқда.

✅ Прописка қилинаётганда «военкомат»га бориб, ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва туриш тартиби бекор қилинади.

✅ Солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй эгасининг розилиги талаб этилмайди.

✅ Туғилган болага гувоҳнома расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш манзилига идоралараро электрон маълумотларни киритиш йўли билан прописка қилинади.

✅ Бирор ҳудудда доимий рўйхатга олинган фуқаролар бошқа манзилда яшаса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва паспорт тизими қоидаларини бузган ҳисобланмайди.

✅ Доимий ва вақтинча прописка ишларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш имконияти яратилади.

✅ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан, Қорақалпоғистон ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб фуқароларни прописка қилиш ишлари “ягона дарча” тамойили асосида ИИВ “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади.

✅ “Прописка қилиш” тушунчаси “рўйхатга олиш” тушунчасига ўзгартирилди.

✅ Биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни ўз номидаги бошқа уй-жойга доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш мумкин.

✅ Эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил бирга яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинса, прописка йўқотилиши ҳақидаги қоида олиб ташланди.

✅ Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар тутинган ота-онасининг уйига прописка қилинади.

✅ Аввал пропискада бўлганлар қайтиб келганида ҳеч қандай тўсиқларсиз қайта прописка қилинади.

✅ Давлат ишига чақирилган амалдорларнинг пропискаси ишдан бўшаса ҳам, энди куйиб кетмайди.

✅ Давлат ташкилотларида 5 йил узлуксиз ишлаётган мутахассислар ҳам пропискага олинади.

✅ Пойтахтда янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда қўлланиладиган давлат божининг алоҳида ставкалари бекор қилинди.

✅ Уй сотиб олишда прописка талаб қилинмайди (https://t.me/zednewsuz/3579).

✅ Прописка тартибини бузганлар ўша манзилдан чиқариб юборилмайди.

✅ 2020 йил 1 сентябрдан пропискасиз яшаш муддати 15 кун, пропискага қўйиш бир кун этиб белгиланди.