Давергеодезкадастр қўмитаси раиси Турахужаев Халилилло Собиржоновичнинг МУРОЖААТИ

Ҳурматли ватандошлар!

Бугун Сизларга илк маротаба Ер ресурслари, геодезия, картография

ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси сифатида мурожаат қилмоқдаман.

Мурожаат қилишимга Сизларни қийнаб келаётган кўплаб ҳолатлар, жумладан, коррупция иллати сабаб бўлди.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва кадастр соҳасининг шаффоф, коррупциядан ҳоли бўлишидан айнан Сиз (биз) ва келажак авлодларимиз манфаатдор.

Афсуски, амалиётда мурожаат қилган фуқаронинг иши тез битмаслиги, сарсон бўлиши, коррупция элементларининг мавжудлиги, Сизларнинг бизга бўлган ишончингизни жуда кескин пасайишига олиб келган.

Ҳалоллик ва поклик орқалигина Сизларнинг ишончингизни оқлаб, қўмита имижини қайта тиклашни асосий вазифам деб биламан ва бу йўналишда Сизларнинг кўмагингизга муҳтожман. Бунинг учун Сизлар билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқотни йўлга қўйишимиз зарур.

Давргеодезкадастр қўмитаси фаолиятидаги муаммолар, ҳал этилмаган ишлар, бюрократик тўсиқ ва ғовларга дуч келаётган бўлсангиз, шунингдек, мазкур йўналишни ривожлантириш, такомиллаштириш бўйича ғоя ва таклифларингиз мавжуд бўлса, биз билан очиқ мулоқот қилишингизни сўраймиз.

Бунинг учун, ҳозирда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг @uzkadastr Facebook тармоғида расмий саҳифаси, 1097 ишонч телефони, шунингдек, Сизларга қулай бўлиши учун Telegram мессенжерида @ygkuzbot қайта алоқа боти ишга туширилди ва менинг шахсий электрон 01@ygk.uz манзилимга тўғридан-тўғри мурожаат этишингиз мумкин.

Ҳар бир мурожаатингизни эътибор билан ўрганамиз.

Кундалик ҳаётида давлат идораларига мурожаат этиб, турли қийинчиликларга дуч келаётган халқнинг ўзигина — соҳани ривожлантириш учун нима кераклигини биздан кўра яхшироқ билади, муҳим ғояларни таклиф эта олади.

Шу боис, ҳар бир фуқаро, оммавий ахборот воситаси, журналист

ва блогернинг шу соҳанинг ривожи учун билдирган фикри ва эътибори биз учун жуда муҳим ва қадрли.

Дўстлар!

Асосий мақсадимиз Сизнинг кўмагингизда халқимизга бюрократия ва коррупциядан ҳоли, сифатли ва холис хизмат кўрсатадиган тизимни шакллантириш.

Ўйлайманки, бирдамликда амалга оширилган ишлар, ижобий ўзгаришлар узоқ куттирмай ўз самарасини беради.

                                                                                                     Ҳурмат ила,

Халилилло Турахужаев