1 сўмлик бўш бинолар қандай сотилмоқда?

Бугунги кунда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали 14 та йўналишда онлайн аукционлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, узоқ йиллардан буён фойдаланилмай келинган давлат кўчмас мулк объектлари аукцион савдоларига чиқарилиб, реализация қилиняпти.

2020 йилнинг 5 ойи давомида бошланғич нархи 1 сўм бўлган 187 та бўш турган давлат объекти савдога чиқарилиб, бўш бинолар қисқа вақт ичида 20,5 млрд.сўмга реализация қилинди. Аукционларда 482 та фуқаро иштирок этиб, ғолиблар 419 млрд.сўм инвестиция киритиш ва 2 156 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини қабул қилиб олган.

Кеча, 29 июнь куни ўтказилган онлайн аукционларда ҳам бўш турган бинолар учун савдолар қизғин кечиб, уларда бошланғич нархи 1 сўмлик давлат объектлари реализация қилинди:

Наманган вилояти, Поп туманидаги собиқ мактаб клуби биноси савдосида 5 киши қатнашиб, мулк нархи 83 қадам ошиб борди. Натижада эса мулк 116 млн.сўмга сотилди. Ғолиб томонидан 300 млн.сўм инвестиция киритиш ҳамда 10 та ишчи ўрни яратиш мажбурияти қабул қилинди.

Cобиқ клуб биноси

Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги собиқ банк шохобчаси учун ўтказилган савдоларда 5 нафар иштирокчи қатнашиб, мулк нархи 45 қадам ошиб борди. Аукцион якунларига кўра, мулк 89 млн.сўмга сотилди. Ғолиб томонидан 80 млн.сўм инвестиция киритиш ҳамда 4 та янги ишчи ўрни ташкил этиш мажбурияти қабул қилинди.

Cобиқ банк шохобчаси

Аввалроқ ўтказилган онлайн аукционлар ҳам қизғин кечган эди. Мисол учун, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги собиқ қозонхона биноси 1 сўмлик бошланғич нархда савдога чиқарилиб, 17 нафар иштирокчи қатнашган савдо натижасида 441 млн.сўмга сотилган эди. Ушбу аукцион ғолиби 12 ой мобайнида 120 млн.сўм миқдорида инвестиция киритиш ва 10 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини қабул қилиб олган.

Cобиқ қозонхона биноси

Бугунги кунда бўш турган объектларни самарали сотишда платформани янада ривожлантириш, инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни оптималлаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Ҳозирги пайтда бўш турган 65 та давлат мулки объекти e-auksion.uz савдо майдончасида турибди. Ушбу мулклар ҳақида батафсил маълумотни сайтимиз орқали олишингиз мумкин.