ЎзА танқидидан сўнг тадбиркорга ер ажратилди

Жорий йил 14 май куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги www.uza.uz сайтида чоп этилган «Фермерлик қиламан деган фуқарога нега ер берилмаяпти?» сарлавҳали танқидий мақолада кўтарилган масала Арнасой туман ҳокимлиги томонидан ўрганилиб, ижобий ечим топилди.

Арнасой тумани «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғини Амир Қўнишев кўчаси 11-уй 1-хонадонда яшовчи фуқаро Маъмура Ҳамидова 2019 йил ноябрь ойида туман ҳокимига чорвачиликни ривожлантириш истаги борлигини билдириб, «Хоразм» сув истеъмолчилари уюшмасига қарашли 18-контурдаги ер майдонини беришни сўраб мурожаат қилган. ЎзАдаги танқидий чиқишдан сўнг масала ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган тендерга асосан унинг фойдасига ҳал этилди.

Томонларнинг келишувига кўра, қайноғаси Бахтиёр Умурзоқов номига Арнасой туман ҳокимининг 2020 йил 4 апрелдаги 595-сонли қарори асосида «Ғаллачилик ва сабзавотчилик» йўналиши бўйича фермер хўжалигини юритиш учун 18-ва 84-контурлардаги жами 59 гектар ер майдони ажратиб берилди.

Мурожaатчи Маъмура Ҳамидова тендер холис ва ҳаққоний ўтказилганини таъкидлаб, ҳеч қандай даъвоси ёки эътирози йўқлигини билдирди.

Арнасой туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати