Танқиддан сўнг: имзоси сохталаштирилганини даъво қилган хоразмлик фермернинг ерлари қайтарилди

Ерлари туман захирасига қайтариб олинган қўшкўпирлик фермер унинг номидан ёзилган аризадаги имзо қалбаки эканини айтиб, май ойида Kun.uz’га мурожаат қилган эди.

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Хонобод қишлоғидаги «Иззат» фермер хўжалиги асосчиси Озод Ражабов туман ҳокимлиги томонидан ерлари давлат захирасига қайтариб олинганидан норози бўлиб, Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган эди.

Бу ҳақда «Фермернинг ери ғайриоддий тарзда тортиб олинди. Қўшкўпир туман ҳокимлиги фермернинг имзосини қалбакилаштирган бўлиши мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Мақоладан сўнг Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан хоразмлик сенатор Гавҳар Дурдиева бошчилигида комиссия тузилди ва Қўшкўпир тумани ҳокимлиги билан фермер иштирокида муаммолар ўрганиб чиқилди.

Якунда «Иззат» фермер хўжалигининг пахта, буғдой ва томорқа маҳсулотлари тўла экилган ва яхши ривожланган 54 гектар ери қайтариб берилиши ҳақида қарор чиқарилди.

Чигит экилган 37 гектар майдонга қилинган харажатлар туман комиссияси томонидан ҳисоб-китоб қилиниб, ушбу ер майдонлар ажратилган фермер хўжалиги томонидан қоплаб бериладиган бўлди.

«Иззат» фермер хўжалиги асосчиси Озод Ражабов бу таклифларга рози эканини маълум қилди.

Шунингдек, имзони қалбакилаштириш ҳолати бўйича «Иззат» фермер хўжалиги раҳбари Иззат Ражабов вилоят прокурори номига аризасини оқибатсиз қолдиришни сўраб илтимоснома билан мурожаат қилди. Шу боис «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддасига асосан мурожаатнинг кўриб чиқилиши тугатилди.