Бухоро туманида тадбиркорлик ярмаркалари ўтказилди

Бухоро туманида ҳам камбағал оилалар моддий манфаатдорлигини ошириш, ишсизларни, айниқсауйда ўтириб қолган аёллар ва ишсиз ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Бу борада “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар–келажагимиз”, “Обод маҳалла” каби дастурлар орқали муайян натижаларга ҳам эришилмоқда. Куни кеча Бухоро тумани ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази, “Агробанк” туман филиали, туман “Томорқа хизмати” МЧЖ ҳамда қатор хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамкорлигида “Қавола Маҳмуд”, “Сўфикоргар”, “Боғи калон” ҳамда “Галаосиё” МФЙ лари марказларида карантин тартиб-қоидалари ва  санитария талабларига бўйсунган ҳолда тадбиркорлик ярмаркалари ташкил этилди.

Ярмарка доирасида аввалдан рўйхати шакллантирилган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларига имтиёзли кредит маблағи орқали қўй, товуқ, тикувчилик машинкалари, шунингдек, қурилишда ишлатиладиган электр пайвандлаш, маткап (дрель), майдалагич (“больгарка”) ускуналари, қишлоқ хўжалигида ерни шудгор қилиш, ишлов бериш ва ҳосилни ўриб-йиғиб олишда қўл келадиган мотокультиватор ва электр ўроқ (косилька)лар ёшларга расмийлаштириб берилди. Жумладан, ташкилотчилар томонидан 219 миллион сўм қийматдаги 186 бош қўй, 207 миллион сўмлик қийматдаги “JACK” ҳамда ”BAOYOO” русумидаги замонавий тикув машинкалари, 72 миллион сўмлик 6 та мотокультиватор, 12 миллион сўмлик бошқа ускуналар ўз эгаларига топширилди.

– Ишчи гуруҳига уйда қўй боқишга қизиқишим борлигини айтгандим, мана бугун менга имтиёзли кредит сармояси асосида 5 бош қўйни тақдим қилдилар,–дейди “Қавола Маҳмуд” МФЙ Зирабод қишлоғида яшовчи Мурод Козимов.–Келгусида бу қўйларни боқиб, кўпайтириб, оиламиз даромадини орттиришга аҳд қилдим.  

Тикочи қишлоғида яшовчи Зилола Бозорованинг ўзи чевар бўлсада етарли шарт-шароитга эга бўлмаганлиги сабабидан тикувчилик фаолиятини йўлга қўёлмай қийналарди. Унга замонавий русумдаги тикув дастгоҳи топширилганидаги хурсандлигини айтмайсизми?! Албатта, шу ҳунари орқасидан рўзғори кам-кўстини бутлаш, шогирд тайёрлаш ниятида эканини ҳам яширмади.

Пандемия муносабати билан юртимизда эълон қилинган карантин кунларида, айниқса, мураккаб аҳволда қолган кам таъминланган оилалар учун бу тадбир, меҳр-мурувват ёрдами айни кўнгилдаги ва кутилган иш бўлди. Қолаверса, касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп фарзандли аёллар, ишсизлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган ҳунар турлари, хусусан, тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишларда касбга ўргатиш курслари ташкил этилган бўлиб, бу жабҳада  туман бандликка кўмаклашиш маркази амалий ҳаракатни бошлаган.