КАДАСТР ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ, ЕР АЖРАТИШДА ТОПОСУРАТГА ОЛИШ КАБИ ХИЗМАТЛАРНИ ХУСУСИЙ СЕКТОРГА ЎТКАЗИЛИШИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида бугун бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида хусусий секторга хизматларни ўтиказишга ҳам тўхталиб ўтилди. Чунончи, йил бошида хусусий нотариусликка рухсат берилгани натижасида 617 та давлат нотариуси хусусий бўлди ва бюджетдан берилаётган 200 миллиард сўм иқтисод қилингани қайд этилди.

Худди шунингдек, ҳозирги кунда давлат идоралари кўрсатаётган кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ер ажратишда топосуратга олиш каби хизматларни хусусий секторга ўтказилса, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига аниқ ҳисоб-китоб асосида, хусусий секторга ўтказиш мумкин бўлган давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.