ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИНИ ЮРИТИШ УЧУН 1 ГЕКТАРГАЧА ЕРЛАР 10 ЙИЛГАЧА МУДДАТГА ИЖАРАГА БЕРИЛАДИ ЁКИ 5 ГЕКТАРГАЧА БЎЛГАН ЕР МАЙДОНЛАРИ 10 ЙИЛГАЧА МУДДАТГА ИЖАРА ҲУҚУҚИ ЭЛЕКТРОН АУКЦИОН АСОСИДА СОТИЛАДИ

Ўзбекисон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори қабул қилинди (01.05.2020й. ПҚ-4700-сон). (https://lex.uz/pdfs/4803523)

Қарор билан фойдаланишдан чиқиб кетган ва ер ости сувлари захираси мавжуд бўлган ерларни фойдаланишга киритиш, уларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун аҳолига имтиёзли шартлар асосида ажратиб бериш тартиби жорий қилинди.

Тартибга кўра:

— Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Давергеодезкадастр қўмитаси ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 10 майга қадар ҳудудларда экинларни суғориш учун яроқли сув чиқариш имконияти ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хулоса тақдим этади;

— Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давергеодезкадастр қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда табиий-тупроқ ҳамда иқлим шароитидан келиб чиқиб фойдаланишга киритиладиган ерларга экин турларини жойлаштириш бўйича илмий асосланган тавсия беради.

Қуйидаги тартибга мувофиқ:

1) туман ҳокимлиги фойдаланишга киритиладиган ер майдонларини контурлар кесимида ҳисоб-китоб қилади ҳамда лойиҳаларни шакллантириб, келишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига такдим этади;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари уч кун ичида ушбу лойиҳаларни кўриб чиққан ҳолда умумлаштириб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади;

3) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги беш кун ичида такдим этилган лойиҳаларни ўрганиб, Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибиятига хулоса тақдим этади;

4) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари беш кун муддатда Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган маблағларни туманлар кесимида тақсимлайди;

5) Молия вазирлиги беш кун муддатда туман бюджетига ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун зарур маблағларни ажратади;

6) туман ҳокимлиги қудуқ қазиш, суғориш тармоқларини тиклаш орқали ер майдонларини сув билан таъминлаш, электр энергиясини тортиш, сув тежовчи технологияларни жорий этишнинг техник ва молиявий кўрсаткичларини белгилайди ва ушбу ишларни амалга оширувчи пудратчи ташкилотларни танлов асосида аниқлайди;

7) туман ҳокимлиги фойдаланишга киритилган ер майдонларини деҳқончилик соҳасида билим ва кўникмага эга бўлган, биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга 1 гектаргача деҳқон хўжалигини юритиш учун, истисно тариқасида, 10 йилгача муддатга ижарага беради ёки тажриба-синов тариқасида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига барча харажатларни олдиндан тўлаш шарти билан 5 гектаргача бўлган ер майдонларини 10 йилгача муддатга ижара ҳуқуқини электрон аукцион асосида сотади;

8) ушбу ер майдонларини ажратиш бўйича ташаббускор ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ижара шартномасига асосан туман ҳокимининг қарори қабул қилинади, бунда ер майдонларида сув тежовчи технологияларни қўллаш ва устувор равишда сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экинларни экиш, боғ ва токзорлар барпо этиш назарда тутилади;

Белгилаб қўйилдики, мазкур қарор доирасида ижарага бериладиган ер майдонларида енгил конструкциядаги дала шийпон ва суғориш иншоотларини жойлаштиришга рухсат берилади, бошқа турдаги, шу жумладан турар жой, бино ва иншоотлар қуриш қатъиян ман этилади.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали (https://lex.uz/pdfs/4803523) танишиш мумкин.