Бухорода юз берган табиий офат оқибатида йўқотилган ҳосил ўртача 19 721 тонна экани билдирилди

Вилоятдаги 115 та фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналаридаги 253,5 гектар иссиқхоналар талафот кўрган. 

Давлат раҳбари томонидан “Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш юзасидан тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деб хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Жумладан:

табиий офат натижасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида етказилган зарарлар;

экин майдонларидаги йўқотишлар ва нобудгарчиликларни ўрнини қоплаш;

ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш; 

нобуд бўлган пахта ва ғалла майдонларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, қисқа муддатларда бошқа турдаги маҳсулотларини экишни ташкил этиш;

зарар кўрган иссиқхоналарни тиклаш ва улардаги экинларни парваришлаш бўйича чоралар кўриш юзасидан вазифалар ижроси таъминланмоқда.

Олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, Бухоро вилоятида 2172 та фермер хўжаликларида 9660 гектар боғ мавжуд бўлиб, ушбу майдонларда жорий йилда 115,8 минг тонна мева етиштириш белгиланган. 

Табиий офат натижасида боғларнинг 2616 гектарига (27,1 фоиз) зарар етиб, йўқотилган ҳосил ўртача 19 721 тонна (17,03 фоиз) эканлиги билдирилди.

Вилоятдаги 115 та фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналаридаги 253,5 гектар иссиқхоналар талафот кўрган. 

Вилоятда 2020 йил ҳосили учун 97 900 гектар чигит экилган бўлиб, табиий офат натижасида 4554 гектар (4,6 фоиз) майдонга қайта чигит экилади.

Вилоят туманларида 18 143 контурда 60 600 гектарда парвариш қилинаётган ғалла майдонларидан табиий офат натижасида 12 619 гектар (20,8 фоиз) майдон талафот кўрган.

Республика ишчи гуруҳи томонидан:

табиий офат натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва токзорлар ва иссиқхоналарга етказилган зарарларни бартараф этиш;

қишлоқ хўжалиги экинларини қайта экиш, иссиқхоналарни тиклаш ва ҳосилни кўпайтириш бўйича қўшимча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли қилиб ўтказиш;

ғўза майдонларида қатқалоқни синдиришга оммавий сафарбарлик ҳамда культиваторларни отряд усулида ишлашини ташкил қилишга доир бир қатор амалий ишларни олиб бормоқда, дейилади маълумотда.