Ғалла кам ҳосил берадиган ерларда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ўтиш керак – Жамшид Хўжаев

Ғалла кам ҳосил берадиган, фақат бир марта экин экиладиган ерларда давлатга ғалла топшириш режасини бекор қилиб, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ўтиш керак, деб ҳисоблайди Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Хўжаев 3 январь куни Тошкентда бошланган «Umid 2.020» халқаро конференциясида бу ҳақда гапириб ўтган.

«Фермерларимизнинг топиб олган гапи битта: «Ғалла – бу стратегик маҳсулотимиз, биз уни албатта экишимиз керак» дейишади. Лекин ғалланинг ўрнига бошқа экин экиб, кўпроқ даромад олган яхшимасми, деган оддий савол берсам, жавоб беришолмайди.

Масалан, Наманганнинг Янгиқўрғонида ғаллани суғориш учун уч подём насос чиқади. Уч подём. Тасаввур қилинг. Электр энергияси сарфлаб, сувни насос орқали чиқарамиз. Минг бир азобда тепага чиқарилган сувнинг ярми жойига боргунча ариқларда ерга сингиб кетади, чунки ариқлар бетонланмаган.

Янгиқўрғоннинг иқлими шунақаки, ердан фақат бир марта ҳосил олиш мумкин. Такрорий ёки эртаки экинлар йўқ. Шу шароитда ғалла экилади. Бир гектарга электр энергиянинг ўзига 4-4,5 млн харажат қилинади. Ҳали бошқа харажатларни айтмадим. Шунча харажат эвазига бор-йўғи 25 центнер ҳосил олинади.

Бу давлатгамас, ҳаммага зарар-ку. Унинг ўрнига кўксултон бор – Янгиқўрғон шароитида зўр ҳосил беради. Ёки қора олхўри плантациясини қилиш мумкин. Килосини 50 центдан сотилганда ҳам, биласизми, қанча фойда қилиш мумкин?», – деди Қишлоқ хўжалиги вазири.

У ғалла кам ҳосил берадиган ерларда қайси маҳсулот кўп ҳосил беришини ўрганиб, тўлиқ ўша маҳсулотни етиштиришга ўтиш кераклиги, бундан келадиган даромаднинг ўндан бирига буғдойни бошқа мамлакатлардан, хусусан, Россия ва Қозоғистондан экспорт қилиш мумкинлигини таъкидлади. Қолаверса, бу давлатларда етиштириладиган буғдойнинг сифатида Ўзбекистонникидан яхши экани, бу ҳам давлат, ҳам истеъмолчилар учун бирдай манфаатли бўлишини айтди.

«Қозоғистонда бир йил ерга дам беришади. Мен ҳали Ўзбекистонда йил бўйи дам бериладиган ерни кўрмадим. Бизнинг фермерларимиз эса ҳокимларга, ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарига қарам. У нимани эк деса, экади; бирор ишни қилма деса, қилмайди.

25 йил давомидаги мутелик қонига шу қадар сингиб кетганки, ғалланинг ўрнига бошқа нарса эк десангиз: «Шунақа қилиш мумкинми, еримни олиб қўйишмайдими?» деб юзингизга мўлтиллаб қараб туришади.

Олтиариқда ғаллани минг гектаргача қисқартириш бўйича лойиҳа қилдик. Президентимиз ҳам хайрихоҳлик билдирди. Шу пайтгача ғалла экиб келинган ерларни узумзор қилиш учун бердик. Лойиҳа ўзини оқлаяпти. Майли, 80, 90, 100 центнер ҳосил берадиган ерларда экилаверсин. Фақатгина бир марта экин экиладиган жойларда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга рухсат беришимиз керак», – деб таъкидлади Жамшид Хўжаев.